Путин Эрдўғон билан Суриядаги ҳарбий амалиётларни муҳокама қилди

Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашиб, икки мамлакатнинг Суриядаги ҳарбийлари ва хавфсизлик хизмати ходимлари фаолиятини мувофиқлаштиришни муҳокама қилган.

Путин маъмурияти эълон қилган билдирувда ҳамкорликни яхшилашдан мақсад Туркия чегарасига яқин жойлашган Идлиб вилоятида «террор гуруҳларига қарши жангни» яхшилаш эканлиги айтилади.

3 февраль куни Россияга тегишли «Су-25» ҳужумчи самолёти Идлиб вилоятида уриб туширилганди. Учувчининг отишма вақтида катапульта қилгани, аммо кейинчалик ўлдирилгани хабар қилинган.

Икки етакчи Россия, Туркия ва Эроннинг Суриядаги «ҳамкорликдаги фаолиятини давом эттириш муҳим эканлигини» ҳам муҳокама қилган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков икки президент Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашишни ҳам муҳокама қилишганини айтди.

Сурияда 2011 йилдан бери тинчимаётган уруш минглаб одам умрига зомин бўлди.