Санкт-Петербургда Ўзбекистон консулхонаси иш бошлади

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси очилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, консулхона фаолият доирасига Россия Федерациясининг Шимолий-ғарбий федерал округи киради.

Бош консулхона Санкт-Петербург шаҳри, 4-Красноармейск кўчаси, 4А уйда жойлашган.

Ўтган ой Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россияга ташрифи чоғида Россиянинг бир нечта федерал округида Ўзбекистоннинг бош консулликлари таъсис этилганлигини маълум қилганди.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбек муҳожирлари сони бир неча юз мингни ташкил этиши айтилади.