Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбари билан учрашишга рози бўлди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан Корея ярим оролини ядровий қуроллардан холи ҳудудга айлантириш масаласини муҳокама қилиш учун май ойида учрашишга розилик билдирди.

Бу ҳақда 8 март куни Вашингтонда президент Трамп билан ўтган учрашувдан сўнг Жанубий Корея президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Чунг Юй-юн маълум қилди.

“Президент Дональд Трампга Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин яқинда мен билан учрашганида ядровий қуролдан ҳоли ҳудуд яратилишини қўллаб-қувватлашини билдирганини айтдим. Ким Шимолий Корея бундан буён ядровий ракета ёки бошқа ядровий қуроллар синовини ўтказишдан тийилиши тўғрисида ваъда берди”, деди Вашингтонгга келишидан олдинроқ Ким Чен Ин билан учрашган Чунг Юй-юн.

2017 йилда Шимолий Корея қатор ядровий синовларни ўтказгани ва АҚШга ҳужум қилиш билан таҳдид этгани, АҚШ бунга жавобан Шимолий Кореяни бира-тўла йўқ қилиб юбориши мумкинлигини билдиргани ортидан кескинлик юзага келган эди.

Дональд Трампнинг Ким Чен Ин билан учрашуви мана шу кескинликка барҳам бериши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда. Ҳозирча учрашув қайси жойда ўтиши номаълум бўлиб қолаётир.

Дональд Трамп Ким Чен Ин билан учрашув Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар бекор қилинишини англатмаслигини Twitter саҳифасида ёзиб чиқди.

“Бу катта олға силжиш бўлади, бироқ якуний келишувга эришилмагунига қадар санкциялар сақланиб қолинади”, деб ёзди Трамп.

Чунг Юй-юнга кўра, Шимолий Корея лидери музокаралар жараёнида Жанубий Корея АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказишига ҳам қаршилик қилмаслигини билдирган.