Президент Мирзиёев Тожикистон парламенти раиси ва Бош вазири билан мулоқот қилди

Тожикистонга давлат ташрифи якунида Ӯзбекистон президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида Тожикистон парламентининг қуйи палатаси - Мажлис раиси Шукуржон Зуҳуров билан мулоқот қилди.

Тожикистон парламенти сӯзчиси Муҳаммадато Султоновнинг 10 март куни Озодликка хабар беришича, ушбу учрашув чоғида Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасида олий даржада имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳокима қилинган.

Томонлар қонун чиқарувчи органлардаги дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, ўзаро ташрифлар ва тажриба алмашинувни кўпайтириш зарурлигини қайд этган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир барча масалалар ҳал этилиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинганини таъкидлади.

Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режаси икки мамлакат ҳукуматларига катта масъулият юклайди.

Мулоқотда мазкур келишувларни бажариш, савдо айланмасини кўпайтириш ва таркибини диверсификация қилиш, бизнес учун қулай муҳит яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Қоҳир Расулзода Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси сифатида ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, қўшимча имкониятлар бўйича таклифлар тайёрлашга алоҳида аҳамият беришини қайд этди.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.