Россия ТИВ матбуот котиби Захарова депутат Слуцкийни шилқимликда айблади

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова депутат Леонид Слуцкийни шилқимликда айблаган сўнгги аёл бўлди.

Захарова 10 март куни, “Леонид ресторанда менга жуда ноқулай сўзларни гапира бошлади”, деб айтди.

– Мен ўша ердаги одамлардан ҳайрон бўлдим... ўша пайтда лом-мим дейишмади, менинг ёнимни ҳам олишмади, – деди у Россиянинг НТВ телеканалига. Айтишича, кўнгилсиз воқеа беш йил олдин содир бўлган, у пайтда у "машҳур эмас эди”.

Захарова депутатни шилқимликда ошкора айблаган уч журналист аёл қаторига қўшилди.

RTVI телеканалининг муҳаррир ўринбосари Екатерина Котрикадзе, “Дождь” ТВ продюсери Дарья Жук ва Би-Би-Си Рус хизмати мухбири Фарида Рустамова – яқинда Слуцкийни шилқимликда айблаган эди.

50 яшар Слуцкий ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилганини инкор этиб, айблаётган аёлларни судга бериш билан таҳдид қилди. Айни пайтда, 8 март куни Фейсбукдаги саҳифасида улардан узр сўради.