Россияда Путин товушдан тез учади, деб мақтаган "Кинжал" ракетаси синовдан ўтказилди

Россия Мудофаа вазирлиги товуш тезлигиданда тез ҳаракатланувчи "Кинжал" (Ҳанжар) ракетаси синовдан ўтказилганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Жанубий ҳарбий округда учирилган МиГ-31 қирувчи самолёти экипажи белгиланган минтақада "Кинжал" ракетаси синовини муваффақиятли тарзда ўтказган.

Шу ой бошида президент Путин ушбу ракетани товуш тезлигидан 10 маротаба тез учади, деб мақтаган эди. Шунингдек бу ракета, Путиннинг айтишича, ядро қуролини 2 минг километрдан ошиқ масофага таший олади.

2018 йил мартига белгиланган президентлик сайлови арафасида ўз тарафдорлари билан учрашувда президент Путиннинг қилган бу баёноти мамлакат ичкарси ва ташқарсидаги мухолифлари томонидан кескин танқид қилинди.