Британия бош вазири собиқ жосуснинг заҳарланиши ортида Россия тургани эҳтимоли катта эканнини айтди

Британия бош вазири Тереза Мэй.

Британия бош вазири Тереза Мэй Россия разведкасининг собиқ полковнига Сергей Скрипаль ва унинг қизи нерв гази билан заҳарланиши ортида Россия тургани “эҳтимоли жуда катта” эканини билдирди.

12 март куни парламентга бу борада ахборот берган бош вазирга кўра, аниқланган далил-исботлар мана шундай хулоса чиқаришга асос бўлмоқда.

-Биз энди қатъийроқ чораларни кўришимиз зарур. 14 март куни биз Россия ҳукуматининг жавобини диққат билан ўрганиб чиқамиз. Агар ишонарли жавоб бўлмаса, биз бу ҳаракатни Россия давлати Бирлашган Қиролликка нисбатан ноқонуний равишда куч ишлатди, деб баҳолаймиз, -деди Тереза Мэй.

Россия ҳукумати Сергей Скрипаль ва унинг қизи нерв гази билан заҳарланишига алоқадор эмаслигини билдирмоқда.

Тереза Мэй 13 март куни Россия элчиси ҳукуматга чақиртирилганини ва ундан Совет Иттифоқида ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқарилган нерв гази Британияга қандай келиб қолганини тушунтириб бериш талаб қилинишини айтди.

Россия Разведка бош бошқармаси собиқ полковниги бўлган 66 ёшдаги Скрипаль ва унинг 33 ёшдаги қизи 4 март куни Лондондаги Солсбери савдо маркази олдида беҳуш ҳолатда топилган эди. Полиция улар нерв гази воситасида заҳарланганини аниқлаган.

2004 йилнинг декабрида Скрипаль Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва 2006 йил августида суд ҳукми билан 13 йилга қамалган эди.

2010 йилда у авф этилган, кейинроқ АҚШда қўлга олинган Россия разведкаси ходимларига алмаштирилган.