Россия томонидан "298 одамнинг ўлимида айбланаётган" украин учувчиси ўзини отиб ўлдирди

Су-25 ҳарбий учоғи.

Украинанинг Миколаив (Николаев) шаҳрида мамлакат шарқидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган 29 ёшли учувчи Владислав Волошин ўзини отиб ўлдирди.

Украина матбуотининг билдиришича, у 2018 йил январида ҳарбий хизматдан кетганитдан сўнг бир неча ой мобайнида Миколаив халқаро аэропортига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Волошин ўзини отган пайтда уйида оила аъзолари бўлган. У “Тез ёрдам” машинасида касалхонага олиб кетилаётганида вафот этган.

Гувоҳларга кўра, у сўнгги пайтларда ўта тушкун ҳолатда бўлган.

2014 йилнинг декабрида Россия Тергов қўмитаси Су-25 ҳарбий самолёти учувчиси капитан Владислав Волошинни Малайзияга қарашли MH17 йўловчи учқичини Донбассда уриб туширганликда айблаётган эди.

Бироқ Нидерландия, Австралия, Малайзия, Белгия ва Украина вакилларидан иборат халқаро тергов гуруҳи бу айбловни инкор этиб, Малайзия самолётини Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар Россиядан олиб келинган БУК ракета тизими билан уриб туширгани тасдиқланганини билдирган.

"Малайзия Ҳаво йўллари"нинг МН17 рейс билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган "Боинг-777" учоғи 2014 йил 17 июлида Украинанинг шарқида уриб туширилганди.

Мазкур самолёт бортида бўлган 298 одамнинг барчаси ҳалок бўлган.