Трамп Путинни сайловдаги ғалаба билан табриклади

Трамп ва Путин учрашувлардан бирида.

Президент Дональд Трамп Россияда президентлик сайловидан икки кун ўтиб Владимир Путинни ғалаба билан табриклади. Трамп ўз табригида икки давлат лидерлари долзарб халқаро масалаларни муҳокама қилиш учун яқин кунларда учрашади, деб умид қилаётганини билдирди.

Оқ Уйнинг билдиришича, Трамп 20 март куни Путин билан телефон мулоқоти ўтказган.

- Айни пайтда аниқ режа йўқ, лекин биз Россия билан мулоқотни давом эттиришни истаймиз. Россия билан умумий манфаатларимиз доирасида бўлган Шимолий Корея, Эрон муаммоси ҳақида гаплашишни ва айниқса, президент бугун таъкидлаганидай, қуролланиш пойгаси ортидан келиб чиқадиган кескинликни юмшатишни хоҳлаймиз, -деди Оқ Уй матбуот котиби Сара Хакаби Сандерс

Кремлнинг Трамп ва Путин мулоқоти юзасидан тарқатган баёнотида “президентлар икки томонлама учрашувга тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратган”и таъкидланади.

18 март куни Россияда ўтган президентлик сайловида Владимир Путин 76 фоиздан кўпроқ овоз олиб ғалаба қилгани айтилган эди.

ЕХҲТ сайлов сўз, йиғилишлар ва уюшмалар эркинлигичеклангани туфайли чинакам рақобат етарли бўлмаган шароитда ўтди, деган хулосани эълон қилган.