АҚШдаги яна бир мактабда отишма бўлди, 3 ўқувчи яраланди

Флоридадаги мактабга ҳужум қилиб, 17 одамни ўлдирган Николас Круз.

АҚШнинг Мэриленд штатидаги Great Mills мактабида 20 март куни отишма содир этилди. Воқеа пайтида уч одам, жумладан, отишмани бошлаган ҳужумчи ҳам яралангани айтилмоқда. Яраланганлар касалхоналарга ётқизилган, уларнинг соғлиғи ҳақида маълумот берилмади.

Мактабдаги отишма тўғрисида Сент-Мэри округи шерифининг идораси маълум қилди. Хабарда айтилишича, мактаб ўқувчиларидан бири ўқотар қуролдан ота бошлаган. Уни бу ишга нима ундагани ҳозирча номаълум.

Бундан бир ой аввал АҚШнинг Флорида штатидаги мактаблардан бирида ҳам ўқувчи ўз мактабдошларига қарата ўқ узган эди. Ўшанда 17 одам ҳалок бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг маҳаллий ҳукумат қурол сотишни чеклашга қаратилган қўшимча чоралар тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.