OzodDayjest: Алишер Узоқов: Санъатни йиғиштириб, ҳаммоллик қиламан

Артист Алишер Узоқов.

Тошкентда Николай тангаларини сотаётган аёл ушланди. “Севги изтироби” фильми эфирдан олингани боис актёр Алишер Узоқов санъатни йиғиштириб, ҳаммоллик қилмоқчи.Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тошкентда Николай тангаларини сотаётган аёл ушланди

Тошкент шаҳрида Николай замонида зарб этилган тилла тангаларни сотаётган аёл ушланди (“Инсон ва қонун”, 2018 йил 11-сон).

Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Фаррух Тўрахўжаев хабар берган. Исми ошкор этилмаган аёлга бувисидан Николай II даврида зарб этилган 10 рубллик 51 дона тилла танга мерос бўлиб қолган.

Аёл фарзандига тўй қилиш учун бир дона тангани 370 доллардан, жами 18870 долларда сотишга уринган.

Қайд этилишича, Николай тилла тангалари валюта қимматлиги ҳисобланиб, уларни сотиш ҳуқуқбузарлик саналади. Аёл мерос сифатида сақлаб келган қонуний мулки – тангаларни қай тартибда сотиши лозим эди, деган масалага ойдинлик киритилмаган.

“Севги изтироби” фильми эфирдан олингани боис актёр Алишер Узоқов санъатни йиғиштириб, ҳаммоллик қилмоқчи

​Туркиянинг “Севги изтироби” фильми дубляжида бош роль ижрочисига овоз берган актёр Алишер Узоқов сериалнинг эфирдан олинишини танқид қилди.

“Телетомошабинларга ҳам сериал дубляжи манзур бўлаётганди. Дубляжда янгилик бўлар, деб ўйлаб ўтирмай тақиқ қўйишди. Бу кетишда санъатни йиғиштириб, ғишт ташийман. Ё Алишер Навоий, ё Шукур Бурҳон даврида ёки бир неча асрдан кейин туғилишим керак эди” деган актёр “Даракчи” нашрига интервьюсида.

Сериал маънавиятга тўғри келмайди деган сабаб билан эфирдан олинган эди.

Актёр Алишер Узоқов сериалга эътирозларнинг асоссиз эканини айтган.

“Ваҳоланки, мавзуси бир хил бўлган ўзбек сериали ва фильмлари телеканалларда бериляпти-ку. Куни кеча “Оталар сўзи” кўрсатувида намойиш қилинган ўзбек фильмига кўзим тушди. Қаҳрамон қиз ичиб олиб, дискотекада юрибди. Тунда уйга қайтиб, отасига бақиряпти. Бу маънавиятми?!” деган Алишер Узоқов.

Элликқалъалик 114 ёшли Пошша момо соғлиғидан шикоят қилиб бирор марта шифохонага бормаган

​Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида яшовчи Пошша момо Юсупова табаррук 114 ёшни қаршиламоқда (“Оила даврасида”, 22 март).

Момонинг 80 ёшли ўғли Дўстжон ота волидаси бирор марта соғлиғидан шикоят қилиб, шифохонага бормагани, ҳатто шамоллаш нималигини билмаслигини айтган.

Қайд этилишича, 114 ёшли онахон ҳамон тетик, қўлига ҳасса тутмаган, сўзлари бурро, кўзлари равшан. Пошша момо тинимсиз меҳнат ва ҳаракат, соғлом фикрлаш ва қалб поклиги узоқ умр кўриш сири эканини айтган. Кекса онахоннинг 6 фарзанди, 100 дан зиёд чевараси, 100 га яқин эвараси ва 30 га яқин дубораси бор.