Туркманистонда озиқ -овқат тақчиллиги оқибатида зоғора уни ҳам кескин қимматлади

Туркманистондаги қишлоқлардан бири.

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва бунинг ортидан нархнинг кўтарилиб кетиши оқибатида аҳоли буғдой уни ўрнига зоғора (жўхори уни)дан нон ёпишга мажбур бўлмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматига бу борада гапирган аҳоли вакиллари зоғорадан қилинган нон бир кундаёқ қотиб қолишини назарда тутган ҳолда, аёллар ҳар куни бир кунга етадиган нон ёпишга мажбур бўлаётганини айтганлар.

Дашўғуз вилоятидаги манбанинг билдириишча, ун тақчиллиги оқибатида кўпчилик зоғорага ўтгани сабабли, бир кило зоғора унининг нархи 2 манатдан 5 манатга кўтарилиб кетган. Бироқ кўпчилик зоғора унини сотиб олишга ҳам молиявий жиҳатдан қодир эмас.

Туркманистонда 2017 йилнинг декабридан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги ва қимматчилик кузатила бошланди. Жумладан, сўнгги бир неча ой ичида нон ва сут маҳсулотлари нархи юз фоиздан кўпроққа қимматлади.

Ашхабоддаги дўконларда бир кишига 1 килодан кўп бўлмаган миқдорда ун ва 1 килодан кўп бўлмаган миқдорда шакар сотилмоқда.

Туркманистон ҳукумати озиқ-овқат тақчиллиги мавжудлигини расман тан олмаяпти. Аксинча, телевиденияда озиқ-овқат маҳсулотларига тўлиб кетган дўконлар ва омборхоналар намойиш этилиб, мамлакатда фаровонлик ҳукм сураётгани билдирилмоқда.