Остона суди ҳижобли қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича аризани кўриб чиқишдан бош тортди

Мактабга киритилмаганидан сўнг уйга қайтаётган рўмолли қизлар.

Остона суди 27 март куни юрист Миржан Габдулиннинг ҳижобли ўқувчи қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича апелляция аризасини кўриб чиқишни рад этди.

Миржан Габдулин ўз аризасида ҳижоб кийгани учун ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги мактабларга киритилмаётган ўнлаб ўқувчи қизлар ҳуқуқи тикланишини талаб қилаётган эди. Жумладан, аризада Маориф вазирлигининг мактаб формасига диний либос элементларини киритиш тақиқланиши тўғрисидаги қарорини Конституцияга зид амал сифатида бекор қилиш сўралган.

Остона суди аризани кўриб чиқишни рад этгани сабабларини тушунтирмаган. Габдулин энди Олий судга мурожаат қилишини билдирмоқда.

Ўтган йилнинг декабрида Остона шаҳар Есил туман суди Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги ҳижобли ўқувчи қизларнинг ота-оналари ёзган аризани қаноатлантирмаган эди.

Ўз қизлари ҳижобда ўқув жараёнига киритилишини талаб қилган ота-оналарни суд “ўз мажбуриятларини етарли даражада бажармаётганлик”да айблаб, жаримага тортган..