Дональд Трамп Ким Чен Ин билан учрашувни кутмоқда

Ким Чен Ин рафиқаси билан Хитой сафарида.

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашувни кутмоқда. Дональд Трамп Ким Чен Ин Пекинга сафар қилгани ортидан ўз Твиттер саҳифасида мана шундай маълумотни қолдирди.

“Кеча кечқурун Хитой раҳбари Си Цзинпиндан унинг Ким Чен Ин билан учрашуви жуда яхши ўтгани ва Ким мен билан учрашувни интиқлик билан кутаётгани тўғрисида хабар олдим”, деб билдирди Трамп.

Айни пайтда АҚШ раҳбари Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар тўлалигича сақланиб қолинишини айтди.

Хабарларга қараганда АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарининг учрашуви май ойига режалаштирилган. Кимнинг Хитойга сафари мазкур учрашувга тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи сифатида баҳоланмоқда.

Ким Чен Ин Пекинда 25 мартдан 28 мартгача бўлди. У Хитой раҳбари Си Цзинпинни Вашингтон ва Сеул қатор шартларни бажарган тақдирда Шимолий Корея ядровий қурол ишлаб чиқариш дастуридан воз кечишига ишонтирди.

Ким Чен Ин Шимолий Корея раҳбари бўлган 2011 йилдан бери биринчи марта хорижга сафар қилди.