Туркманистон президенти ўғлини ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинлади

Сердар Бердимуҳамедов

Туркманистоннинг авторитар президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғлини ушбу мамлакат Ташқи ишлари вазирлигидаги етакчи лавозимлардан бирига тайинлади.

Ушбу тайинлов таҳлилчилар анчадан бери Сердар Бердимуҳамедовнинг президентга ворис бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб келаётгани ортидан рўй берди.

Президент яккаю ягона ўғлининг ташқи ишлар вазирига ўринбосар этиб тайинлангани хусусида 30 март куни ҳукумат сайтида қисқа хабар берилди.

36 яшар Сердар Бердимуҳамедов 2017 йил мартидан бери парламентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасини бошқараётган эди.

60 яшар Гурбангули Бердимуҳамедов газ захиралари мўл ушбу собиқ Совет республикасини ўтмишдоши Сапармурат Ниёзов 2006 йили вафот этгандан бери бошқариб келади.

Ҳукумат танқидчилари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоячилари Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгандан бери ўзгача фикрлиликни бўғиб қўйгани, мамлакатда деярли ҳеч қандай ўзгариш қилмаганини айтиб келади.

Сердар Бердимуҳамедов 2016 йили депутат бўлишидан олдин Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот департаментини бошқарган.