Роскомнадзор Amazon'нинг 2 миллионга яқин IP-адресини тўсиб қўйди

Роскомнадзор Amazon ширкатининг 2 миллионга яқин IP-адресини тўсиб қўйди. Тўсиқ Telegram мессенжери блокировкани айланиб ўтиш мақсадида Amazon сервисларидан фойдалана бошлангани ортидан жорий этилган.

Россиядаги Коррупцияга қарши кураш жамғармаси раҳбари ВладиславЗдольниковнинг айтишича, Amazon ширкатига қўйилган тўсиқ Москва судининг Telegram мессенжерини блок қилиш тўғрисидаги қарорига боғлиқ эмас. Бундай қарорни бош прокуратура чиқариб берган.

Аввалроқ Роскомнадзор шундай йўл билан Amazon, Google ресурсларининг минглаб, Telegram мессенжерининг бир қанча доменини тақиқланган сайтлар рўйхатига киритган эди.

16 апрель куни суд қарори билан Telegram блок қилина бошланди. Telegramни Россияда тўсиб қўйиш тўғрисидаги талабни судга Роскомнадзор киритган.

Суд қарорига биноан мессенжернинг Россия ҳудудидаги фаолиятига қўйилган тақиқ Telegram раҳбарияти фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини ўқишга имконият берувчи “шифр калитларини Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) бериш мажбуриятини бажармагунича амал қилади”.

Telegram асосчиси Павел Дуров махсус хизматларнинг фойдаланаувчилар ёзишмалари шифри калитини тақдим этиш тўғрисидаги талаби Россия Конституциясига зид келишини билдирмоқда.

АҚШнинг Amazon ширкати интернет орқали товар ва хизматларни сотиш бўйича дунёдаги энг йирик ресурс ҳисобланади. Amazon АҚШдан ташқари Бразилия, Канада, Британия, Германия, Япония, Франция, Италия, Испания, Ҳиндистон ва Хитойда ҳам ваколатхоналарига эга.