Хоразмда туман ҳокимининг муовини одам савдосида айбланмоқда

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш учун кўмаклашиш баҳонасида алдов орқали уларнинг пулларини олиш билан шуғулланиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига кўра, ҳоким ёрдамчиси Жанубий Кореяга шартнома асосида ишга жўнатиш учун икки нафар фуқародан саккиз минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган.

Дастлабки терговолди суриштируви вақтида у шу вақтга қадар 12 нафар фуқародан жами 22400 доллар олганлиги аниқланган.

У юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар бўйича айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди, - дейилади ДХХ билдирувида.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг Одам савдоси ва қаллоблик бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.