Сурия бўйича галдаги музокаралар Сочида бўлиб ўтади

Россия, Туркия ва Эрон томонидан уюштирилаётган Сурия бўйича галдаги тинчлик музокаралари июль ойида Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтади.

Матни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган Россия, Туркия ва Эрон қўшма баёнотида таъкидланишича, томонлар Қозоғистон ҳукуматига, жумладан, президент Нурсултон Назарбоевга “Сурия бўйича тўққизинчи халқаро учрашувни юқори даражада Остонада ўтказгани учун” миннатдорчилик билдиришган ва навбатдаги учрашувни 2018 йил июлида Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказишга келишиб олишган.

Мазкур баёнотда томонлар “Сурияда террорчиликка қарши курашни давом эттириш, мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўллар билан барқарорлаштириш жараёнини давом эттириш” бўйича ўз қатъиятларини тасдиқлайдилар ҳамда Сурияда хавфсизлик ҳудудларини яратиш мамлакат суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига асло раҳна солмайдиган “муваққат чора” эканини қайд этадилар.