Таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси Васила Иноятова вафот этди

Vasila Inoyatova, human rights activist, Uzbekistan

Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларни озод қилиш йўлида курашган ва мажбурий меҳнатнинг кескин танқидчиларидан бири бўлган таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси вафот этди.

Яқинларининг “Озодлик”ка хабар қилишича, Васила Иноятова 19 май куни эрталаб ички қон кетишини тўхтатиш учун қилинаётган тиббий амалиёт вақтида жон берди.

У 62 ёшда эди.

Иноятова Тошкентда жойлашган “Эзгулик” инсон ҳақлари марказига узоқ вақтдан бери раисалик қилиб келаётган эди.

У Ислом Каримов даврида пахта саноатидаги мажбурий меҳнат ва қийноқларга қарши курашди.

Сўнгги йилларда у сиёсий маҳбуслар, мухолифат фаоллари ва мустақил журналистлар ҳақларини фаол ҳимоя қилди, уларга ҳуқуқий ва молиявий ёрдам бериш учун қамоқхоналарга қатнади.

Иноятова Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар ҳақида маълумот излаётган халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари билан мулоқот қилиб турди.

Васила мазлумларнинг ҳақиқий ҳимоячиси эди, энди у бизга етишмайди, − дея Твиттерда шарҳ қолдирди Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоу 19 май куни.

Каримовнинг вориси Шавкат Мирзиёев унинг зўровонлик билан ўтган 20 йиллик ҳукмронлигидан сўнг ислоҳот ўтказишга ваъда берди.

Сўнгги ойларда анчадан бери ҳамманинг кўзига балодай кўриниб келган хавфсизлик хизматларини ислоҳ қилиш учун аниқ қадамлар қўйди ҳамда бир қанча инсон ҳақлари ҳимоячилари ва журналистлар кўп йиллар қамоқда ўтиргандан сўнг озод этилди.

Мирзиёев 16 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан Оқ Уйда учрашгандан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳақлари ёки демократия билан боғлиқ вазият юзасидан ҳеч бир очиқ фикр билдирмади.