Агар Теҳрон Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида эришилган келишув шартларини бажаришда давом этса, Европа Иттифоқи келишувни қўллашда давом этади. Бу ҳақда 19 май куни ЕИ энергия комиссари Мигель Ариас Каньете билдирди.
Каньете Эрон вице-президенти Али Акбар Солиҳий билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида:
- Эронлик дўстларимизга улар келишувга амал қилишда давом этар эканлар, европаликлар ўз мажбуриятларини бажаришлари ҳақида мактуб юбордим. Улар ҳам ўз навбатида айни нарсани айтишди, - деди.
- Эрон иқтисодига ижобий таъсир кўрсатган савдо оқимларини янада оширишга ҳаракат қиламиз, - дея сўзини давом эттирди комиссар.
Бундан бир кун аввал Европа Комиссияси Европа ширкатларини Эронга қарши янги АҚШ санкцияларидан ҳимоя қилиш бўйича чораларни таклиф қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 8 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва жаҳоннинг қудратли давлатлари ўртасида 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини эълон қилган эди.
18 май куни Еврокомиссия ЕИ давлатларини янги АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш учун Эрон нефти учун тўловларни тўғридан-тўғри Эрон Марказий банкига юборишни таклиф қилди.
Бундай чора Эрон нефтини сотиб олишда АҚШ долларидан ҳамда АҚШ молиявий тизимидан фойдаланмасликни кўзда тутади. Бу эса ширкатларга АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш имконини беради.
Комиссия 17 май куни Болгария пойтахти Софияда бўлиб ўтган ЕИ етакчилари саммитида эришилган қарор асосида бундай тавсия қилаётганини билдирди.
ЕИ, шунингдек, ядровий келишув ортидан Эронга сармоя ётқизган ширкатларни ҳимоя қилишини билдирди. Бунинг учун 1996 йилда Европа ширкатлари АҚШнинг Кубага қарши эмбаргосини четлаб ўтишига замин яратган қонун айрим тузатишлар билан қайта тикланиши мумкин.
Комиссия қонун 6 августгача, яъни янги АҚШ санкциялари ишга тушишидан аввал кучга кириши режалаштирилаётганини билдирди.
Қонун кучга кириши учун уни ЕИга аъзо 28 давлат ҳамда Европа парламенти маъқуллаши керак.
19 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Солиҳий Каньете АҚШ келишувдан чиққан бўлишига қарамасндан, уни сақлаб қолишни ваъда қилганини айтди.
- Умид қиламизки, уларнинг саъй-ҳаракатлари натижа беради, - деди вице президент.
Бу орада Европа Комиссияси Европа Сармоя банки хорижда лойиҳаларни молиялаштиришига тўсқинлик қилиб келган чекловларни ҳам бекор қилди.
Комиссия бу чора ЕИ Эронда сармоя ётқизишига йўл очишини билдирди.
Комиссия, шунингдек, Эроннинг энергия ҳамда кичик ва ўрта бизнес соҳаларини қўллаш учун кўпроқ чора кўришга чорлади.
2016 йилда Эронга қарши санкциялар енгиллатилиши ортидан ЕИнинг мамлакатга ётқизаётган сармояси 20 миллиард евродан ошиб кетган эди.
ЕИ қитъа ширкатларини АҚШ санкцияларидан ҳимоя қилишга уринаётган бўлса-да, бир неча йирик компания Эронни тарк этмоқда. Булар орасида Total, Allianz, Engie, PGNiG, DZ Bank ширкатларини айтиб ўтиш мумкин.