Грознийдаги ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳи зиммасига олди

Грознийдаги Архангел Михаил черкови, 2018 йил 19 майи.

“Ислом давлати” террор гуруҳи Грознийдаги Архангел Михаил черковига ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда 20 май куни SITE Intelligence Group мустақил мониторинг гуруҳи маълумот тарқатди.

Грознийдаги черковга ҳужум сабаблари ҳақида ҳеч қанақа расмий маълумот йўқ. Россия Тергов қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходими жонига қасд қилганлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Telegram мессенжеридаги каналида ҳужум қилганлардан икки нафари Гелдаган қишлоғида яшагани, яна бири Грозний яқинидаги Арғун посёлкасидан экани, гуруҳ раҳбари эса қўшни минтақалардан бирида туғилиб-ўсганини билдирди.

Бу тўртовлон 19 май куни Чеченистон пойтахтидаги Архангел Михаил черковида одамларни гаровга олишга уринган. Ҳодиса чоғида икки полициячи ҳамда ибодатга келганлардан бири (асли ўзбекистонлик Артемий) ҳалок бўлган. Ҳужумчилар полициячилар томонидан отиб ташланган.