Порошенко Украинада 50 мингдан зиёд кўча қайта номланганини билдирди

Украина президенти Петро Порошенко.

Украинада сўнгги йилларда 52 минг майдон ва кўча ҳамда қарийб мингта аҳоли пункти қайта номланган, Лениннинг 1500 зиёд ҳайкали бузиб ташланган. Бу ҳақда Украина президенти Петро Порошенко Киев яқинидаги “Биковнянские могили” деб номланган Миллий тарихий-ёдгорлик қўриқхонаси ҳудудида 20 май куни бўлиб ўтган сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш маросимида билдирди.

Порошенкога кўра, 2013 йил охирларида Украина харитаси худди КПСС тарихи дарслигига иловадек бўлган. “Шаҳар ва қишлоқларимиз Ленин ва унинг сафдошлари сингари бут-санамлар билан тўлиб тошганди”, деган Украина президенти бу ишлар “Коммунистик ва миллий-социалистик тоталитар режимларни қоралаш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилганини қайд этди.

Тадбир иштирокчилари сиёсий қатағон қурбонларига бир дақиқали сукут билан ҳурмат бажо келтирганлар.