Қозоқ актрисаси Каннда энг яхши аёл роли учун мукофот олди

Қозоғистонлик актриса Самал Еслямова.

Рус режиссёри Сергей Дворцевойнинг “Айка” фильмида бош ролни ижро этган қозоғистонлик актриса Самал Еслямова Канн кинофестивалида энг яхши аёл роли учун мукофот олди. Танловнинг асосий ғолиблари 19 май куни эълон қилинган.

Петропавловскда туғилган Самал Еслямова ГИТИС - Россия театр санъати олийгоҳининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. Айни пайтда Москвада яшайдиган акстриса учун “Айка” фильми ўзи суратга тушаётган иккинчи асардир.

Фильмда Айка исмли қирғизистонлик ёш муҳожир аёл ҳақида ҳикоя қилинади. У ноқонуний тарзда Москвада яшайди ва ишлайди. Истамаган ҳолда ҳомиладор бўлиб қолганидан сўнг аёл фарзандини туғруқхонада қолдиради. Бироқ вақт ўтгач оналик ҳислари уйғонган Айка ташлаб кетган ўғлини қидира бошлайди.

Фильм саҳналаштирувчиси Сергей Дворцевой оммавий ахборот воситаларида россиялик режиссёр ўлароқ тақдим этилганига қарамай “Айка” фильми Каннда Қозоғистонни тамсил этди. Сергей Дворцевой аслида Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида туғилган ва ўтган асрнинг 90-йилларида Москвага кўчиб ўтишидан аввал узоқ йиллар Қозоғистонда истиқомат қилган.