АҚШ президенти Доналд Трамп ҳали ҳам 12 июнда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан Сингапурда учрашишга умид қилмоқда.
− Шимолий Корея раҳбари билан саммит ўтказиш борасида кўп ишлар қиляпмиз, − деди Трамп 26 май куни. – Тайёргарлик жуда яхши бўляпти. 12 июнда Сингапурда бўладиган учрашувни кутяпмиз. Вақти ўзгармади. Кўрайлик-чи, нима бўлар экан.
У бир неча кун олдин тарихий учрашувни бекор қилганидан хабар берган эди.
Президент Трамп бу учрашувлардан “нияти холис” экани, Корея ярим оролини ядро қуролидан холи қилиш “улуғ иш” бўлади, деб ҳисоблашини қўшимча қилди.
Айни пайтда, АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис ҳам: "Агар дипломатларимиз эплай олса, уни ўтказиш мумкин", деб таъкилади.
Трамп 24 майда Кимга ёзган хатида саммитни бекор қилганини билдирган эди. Унинг фикрича, бунга Шимолий Кореянинг таҳдид қилгани ва вице-президент Майк Пенсни “сиёсий қўғирчоқ” деб айблагани сабаб бўлди.
Аммо, айни пайтда у янги учрашув учун эшикни очиқ қолдирди: “Агар сиз ушбу ўта муҳим саммит ҳақидаги фикрингизни ўзгартирсангиз, менга хат ёзишингиз ёки қўнғироқ қилишингиз мумкин”, деб ёзди ўз мактубида президент Трамп.
Айни дамда Ким Чен Ин билан 26 май куни тўсатдан учрашган Жанубий Корея президенти Мун Же-иннинг журналистларга хабар қилишича, Вашингтон билан Пхеньян 12 июнда “амалий музокара” ўтказишни режалаштирмоқда.