Украина бош вазири Владимир Гройсман Facebook саҳифасида “Мен аминманки, Россия тоталитар тузими унинг ҳалоллиги ва принципиаллигини кечира олмади”, деб ёзди.
Айни пайтда Москва Россия ўз фуқароларига нисбатан зўравонликларни жазосиз қолдирмаслигини билдириб, Бабченконинг ўлдирилиши юзасидан Тергов қўмитаси жиноят иши очганини маълум қилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Украина ҳукуматидан қотиллик юзасидан барча имкониятларни ишга солган ҳолда тезкор тергов ўтказиш” талаб этилган баёнотни эълон қилди. Москва “халқаро агентликлар ва ташкилотлар тергов жараёнини ўз назоратига олиши”га умид билдирди.
Украина расмийларига кўра, 29 май куни Бабченкога уйи олдида номаълум шахс ўқ узган. У касалхонага олиб кетилаётганида “Тез ёрдам” машинасида вафот этган.
Украина полицияси "қасддан одам ўлдириш" моддаси бўйича жиноят иши очди. Полиция Бабченко касбий фаолияти туфайли ёки гражданлик позицияси важидан ўлдирилган бўлиши мумкин, деган иккита таҳминни олға сурмоқда.
Бабченко Россиянинг амалдаги раҳбариятини кескин танқид қилувчи журналист сифатида танилган эди. Ўтган йили у "сиёсий босимлар" туфайли Россияни тарк этишга мажбур бўлган.