Қозоғистонда менингококкдан яна бир ўсмир вафот этди

Олмаотадаги касалхоналардан бири.

Қозоғистонда менингококк инфекциясига чалинган яна бир бемор вафот этди. 3 июнь куни Олмаота вилоятининг Каскелен шаҳар касалхонасида 19 ёшли қиз вафот этгани тўғрисида маҳаллий нашрлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда хабар бердилар.

Расмий хабарда айтилишича, Қозоғистонда шу билан мазкур инфекция оқибатида ҳалок бўлганлар сони уч кишига етди. Бундан аввал менингококкдан икки нафар бола ўлгани хабар қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, Қозоғистонда йил бошидан бери менингококк инфекциясига чалинган одамлар сони 52 кишини ташкил қилди. Уларнинг асосий қисми олмаоталиклардир.

Менингококк инфекцияси оғир юқумли касаллик бўлиб, ҳаво орқали юқиши мумкин. Мазкур инфекция билан оғриганлар кўп ҳолатларда ногирон бўлиб қоладилар, инфекция ўлим ҳолатларига ҳам сабаб бўлади.