БМТ ҳисоботчиси Трампни Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилишга чақирди

Ким Чен Ин ва Дональд Трамп.

БМТнинг Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши бўйича махсус ҳисоботчиси Томас Ожеа Кинтана 7 июнда Женевада ўтган брифингда АҚШ президенти Дональд Трампни Ким Чен Ин билан учрашувда инсон ҳуқуқларига эътибор қаратишга чақирди.

- Музокаралар контекстида инсон ҳуқуқларига оид конкрет таклиф шундан иборатки, Шимолий Корея ҳукумати мамлакат қамоқларида сақланаётган юзлаб маҳбусларга амнистия эълон қилиши лозим. Бунинг ортидан Шимолий Корея ҳукумати БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид талабларини бажаришга тайёр эканлиги тўғрисида мужда берган бўлар эди, - деди БМТ вакили.

Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен ин билан 12 июнда Сингапурда учрашишни режалаштирмоқда.

Куни кеча Шимолий Корея давлат раисининг ўринбосари Ким Янг Чол ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео Нью-Йоркда учрашиб, Дональд Трамп ва Ким Чен Иннинг Сингапурда учрашишига тайёргарлик кўриш масаласини муҳокама қилган эди.

АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги келишмовчиликлар сабабларидан бири “ядровий қуролдан ҳоли қилиш” талқинидир. Ҳар икки тафар яриморолни ядровий қуролдан ҳоли қилишни қўллашини билдириб келади, аммо икки тараф талқини ўртасида йирик тафовут бор.

Вашингтон Шимолий Корея санкциялар бекор қилиниши эвазига барча ядровий қуролларидан тезда воз кечишини истайди. Аммо таҳлилчилар Пхеньян АҚШ Ким ҳукуматини ағдармаслик бўйича кафолат бермаса, ўз қуролларидан воз кечмаслигини айтиб келади.