Шимолий Корея раҳбари АҚШ президенти билан учрашиш учун Сингапурга борди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Сингапурда, 10-июнь, 2018-йил

Сингапур Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин АҚШ президенти Доналд Трамп билан 12 июнда учрашиш учун ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

“Ҳозиргина Сингапурга ташриф буюрган раис Ким Чен Инни кутиб олдим”, дея Твиттерда хабар ёзди мамлакат Ташқи ишлар вазири Вивиан Балакришнан ва ўз саҳифасига Ким билан кўришиб турган суратни қўйди.

Кимнинг 10 июнь куни Сингапур Бош вазири Ли Ҳсиен Лунг билан учрашиши режалаштирилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса Ким билан учрашиш учун Канаданинг Квебек шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммитини эртароқ тарк этди. Унинг Сингапур Бош вазири билан учрашуви 11 июнга белгиланган.

Трамп билан Кимнинг музокараси 12 июнь куни бўлиб ўтади. Шимолий Кореянинг ядро қуроли ва Корея ярим оролини ядро қуролидан холи зонага айлантириш музокаранинг асосий мавзуи бўлиши кутилмоқда.

Трампнинг айтишича, саммит Шимолий Кореяга “бир марталик имконият”ни беради.