ЕИ Македония президентини Греция билан эришилган шартномани имзолашга чақирди

Европа Иттифоқининг алоқалар ва кенгайтириш масалалари бўйича комиссари Йоханнес Хан.

Европа Иттифоқининг алоқалар ва кенгайтириш масалалари бўйича комиссари Йоханнес Хан 14 июнда Брюсселда қилган чиқишида Македония президенти Гёрге Ивановни Греция билан эришилган шартномани имзолашга чақирди.

-Мен аниқ ишонч билан айтаманки, бу шартномани Европа Иттифоқига аъзо давлатлар қўллаб-қувватлайди ва бу шартнома Европа Кенгашида Македониянинг Европа Иттифоқига қўшилиши юзасидан тайёргарликлар бошланишига ижобий таъсир кўрсатади, -деди Хан.

12 июнда Греция ва собиқ Югославия таркибидан чиққан республика - Македониянинг номи билан боғлиқ 27 йиллик баҳсга нуқта қўйилгани эълон қилинган.

Македония бош вазири Зоран Заев Афина ва Скопье мамлакат номини Шимолий Македония деб номлаш тўғрисида келишиб олганларини айтган эди.

Бироқ президент Гёрге Иванов 14 июнда эришилган шартномани Македония манфаатларига зид деб ҳисоблашини ва бу шартномани имзолашдан бош тортишини айтган эди.