Македонияда мамлакат номи ўзгартирилишига қарши намойишлар ўтмоқда

Македония номи ўзгартирилишига қарши бўлган намойишчилар.

Македония номи ўзгартирилишига қарши бўлган минглаб одамлар 17 июнда мамлакат пойтахти Скопьеда норозилик намойиши ўтказди.

-Мамлакатимизнинг асрлардан бери мавжуд бўлган номини ўзгартириш тўғрисидаги шартномани имзоланиши ортидан биз ўз ҳаётимиздаги энг мудҳиш ҳиёнат ва мағлубиятга учрадик, -деди митингни уюштирган мухолифат лидери Кристиан Мичкоски.

Полиция намойишчилар тош ота бошлаганлари ва парламент биносига киришга ҳаракат қилганлари ортидан норозиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Намойишлар 17 июнда Греция ва Македония ташқи ишлар вазирлари Македония номини Шимолий Македония деб ўзгартириш тўғрисидаги шартномани имзолаганидан сўнг бошланиб кетди.

12 июнда Греция ва собиқ Югославия таркибидан чиққан республика - Македониянинг номи билан боғлиқ 27 йиллик баҳсга нуқта қўйилгани эълон қилинган. Македония бош вазири Зоран Заев Афина ва Скопье мамлакат номини Шимолий Македония деб номлаш тўғрисида келишиб олганларини айтган эди.

Бироқ президент Гёрге Иванов 14 июнда эришилган шартномани Македония манфаатларига зид деб ҳисоблашини ва бу шартномани имзолашдан бош тортишини айтган эди.