ЮНИСЕФ АҚШ президентининг мигрант болаларни ота-онасидан ажратиш сиёсатини танқид қилди

ЮНИСЕФ расмий вакили Кристоф Бульерак.

БМТ Болалар фонди – ЮНИСЕФ расмий вакили Кристоф Бульерак 19 июнда Женевада ўтган брифингда АҚШ президенти маъмурияти Мексика чегарасида мигрантларнинг болаларини ота-оналаридан ажратиш сиёсатини олиб бораётганини танқид қилди.

-Қўлга олиш ва оилани ажратиш бу болаларнинг ҳуқуқларини заифлаштирувчи, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, зўрлаш ва қадри топталишига сабаб бўлувчи тажрибадир. Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатиб турибдики, бундай ҳолатлар узоқ вақтларгача болаларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, - деди расмий.

Бундан аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп “Қўшма Штатлар мигрантлар учун лагерга айланмайди, қочқинларни сақлаш жойига ҳам айланмайди”, деб баёнот берган эди.

Мексика билан чегарада мигрантларни назорат қилиш кучайтирилиши шартлигини айтган Трамп чегарада балоғатга етмаган болаларни ушлаб қолиш кўрсаткичи 325 фоизга кўпайганини билдирган.

АҚШ расмийларига кўра, апрель ойининг ўрталаридан бошлаб майнинг охиригача чегарада икки минг нафарга яқин бола ота-онасидан ажратилиб, махсус сақлаш жойларига юборилган.