Афғонистонда ҳайит муносабати билан эълон қилинган ўқ отишни тўхтатиш келишувига амал қилиш муддати якунланиши биланоқ Толибон ҳужумларни қайта бошлади. Бадғис вилоятидаги Бола Мурғоб туманига жанггарилар ҳужум қилгани оқибатида афғон ҳарбийлари ҳалок бўлди.
-Кеча кечқурун толиблар Бола Мурғоб туманига ҳужум қилдилар. Ҳужум оқибатида 11 аскаримиз ҳалок бўлди, тўққиз нафар ҳарбий яраланди,- деди мудофаа вазирлиги расмий вакили Муҳаммад Радманиш 20 июнь куни Озодлик радиосига берган интервьюсида.
Бироқ вилоят кенгаши раиси Абдул Азиз Бек ва полиция расмийси Нақибуллоҳ Аминий жангда 30 нафар афғон ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирмоқда. Бадғис вилоят ҳокими Абдулғофур Маликзай толиблар тонгга яқин иккита назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилганини айтди.
Афғонистон ҳукумати ўқ отмаслик келишуви муддатини бир томонлама равишда яна 10 кунга узайтирган эди. Бироқ Толибон бунга амал қилмаслигини билдирган.