Россияда ўлдирилган 5 яшар Ҳувайдо Кўлобда дафн этилди

Жанубий Тожикистондаги Кўлоб шаҳрида Россияда аввал зўрланиб, сўнгра ўлдирилган беш яшар Ҳувайдо Тиллозода бобо ва бувисининг ёнида тупроққа қўйилди.

Тожик қизалоғи Ҳувайдонинг жасади 23 июль куни эрталаб Москва вилоятининг Серпухово шаҳрида темир йўл станцияси яқинида топилганди.

Ҳувайдонинг тобути 25 июль куни тонгда "Тожик Эйр" ширкати учоғида Москвадан Душанбега келтирилди.

Ҳувайдонинг онаси Гулнора Шарипова кўз ёш тӯкиб, фарзандлари билан август ойида Россиядан Тожикистонга бутунлай қайтиш ниятида эканини айтди.

Озодлик беш ёшли Хувайдо 22 июль куни оиласи билан истиқомат қиладиган уйнинг ҳовлисида сайр қилиб юрган пайти ғойиб бўлгани ҳақида хабар қилганди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Зўрлаб ўлдирилган 5 яшар Ҳувайдо қотили қўлга олинди

Ички ишлар ходимлари орадан бир кун ўтиб Ҳувайдо жасадини ҳовли яқинидаги темирйўл бўйига қўйиб кетилган спорт сумкаси ичида топилди.

Суд-тиббиёт экспертизасининг маълум қилишича, аввалига қизнинг номуси булғанган, сўнг пичоқ зарби билан ўлдирилган.

Ҳувайдонинг онаси Гулнора Шарипова қизалоғи уй ҳайвонларини жуда яхши кўргани, қотил ҳам итчани кўрсатиб, уни ҳайвонча орқали уни қӯлга олган.

- Қизим соат тўртларда уйимиз олдида йуқолиб қолди. У ҳайвонларни яхши кўрарди. Итлар билан ўйнарди. Ўша куни қизим итга эргашиб, уйнинг орқасига кетган экан. Ўша ерда бу мудҳиш ҳодиса юз берган - дейди Гулнора Шарипова.​

Серпухово шаҳар суди қарорига билан жиноятни содир этганликда гумонланган 28 яшар Александр Сёмин қўлга олинди.

Маҳаллий милициянинг маълум қилишича, қўшни уйда яшаган Александ Сёмин квартирасидан қизалоқнинг оёқ кийими ва бармоқ излари топилган.

Александр Сёмин қўлга олинган пайтда баёнот беришдан бош тортиб, ўз адвокати олдида "бу жиноятни содир этмаганман" деб айтган.

Ҳувайдонинг отаси Абдусалом Саидов Тожикистон расмийлари ва халқаро ҳамжамиятини бундай "шафқатсиз қотиллик"ка бефарқ бўлмасликка чақирди.

-Тергов адолатли ўтказилиши керак. Аллақачон "Сёмин руҳий хасталикка мубтало" деган гаплар ҳам чиқаяпти. Агар "псих" бӯлса, қайдай қилиб армияда хизмат қилган? Бориб кўраман, тергов қандай бўлади, суд қандай ўтади, - деди Абдусалом Саидов Озодлик билан суҳбатда.

У дафн маросими ўтказиб яна Россияга қайтиш ниятида эканини айтди.

- Беш ёшли қизалоқнинг нима гуноҳи бор эди? Нега у ваҳшийларча ўлдирилган? - деди Абдусалом Саидов.

Яқинларига кўра, оилада иккинчи фарзанд бўлган Ҳувайдо Россияда болалар боғчасига борарди ва рус тилини яхши биларди.

У бегона одам билан ёлғиз қолиш мумкин эмаслигини яхши биларди.

Ҳувайдонинг ота-онаси камбағаллик ва ишсизлик боис 10 йил олдин ишлаш учун Россияга кетди.

Абдусалом фарзандларини ҳам Россияга олиб борганди.

Россияда қурилишда ишлаб, оила тебратарди.

У севимли қизалоғидан ажралиб қолишини ҳеч тасаввур қилмаганини айтади.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 24 июль куни Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигига нота юбориб, "ёш болага нисбатан амалга оширилган ёвуз жиноятни диққат билан тергов қилиш ва ноинсоний амалга қўл урган жиноятчига нисбатан шафқатсиз жазо бериш"ни сўради.