ИД Тожикистондаги хориж сайёҳларининг ўлдирилишига масъул эканини таъкидлашда давом этмоқда

Хорижий сайёҳлар ўлдирилган жой.

“Ислом давлати” гуруҳи Тожикистоннинг Данғара туманида хорижлик сайёҳларга қилинган ҳужум учун масъул эканини таъкидлашда давом этмоқда. Гуруҳ интернетда бу борадаги видеоролик жойлаштирилди.

Видеода “Ислом давлати" гуруҳига қасамёд қилган беш нафар тожикистонлик акс этган. Билдирилишича, мана шу беш одам Данғара туманидаги трассада чет элликларга ҳужум уюштирган.

Гуруҳга мансуб бўлган Amaq агентлиги 30 июль куни “Ислом давлати” ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани тўғрисидаги биринчи хабарни эълон қилган эди. Бироқ ўшанда исбот сифатида воқеанинг тафсилотлари билдирилган эмас.

Тожикистон ҳукумати эса 31 июль куни ҳужумда Ислом уйғониш партиясини айблади. Тожикистон Ислом уйғониш партияси зудликда ҳукумат айбловини “асоссиз” деб инкор этди. Ислом уйғониш партияси фаолияти Тожикистонда тақиқланган.

АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Хизер Науэр 31 июлда бу воқеага муносабат билдирар экан:

-Биз икки америкалик ҳалок бўлган ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олгани тўғрисидаги хабарни кўрдик. Тожикистонда мутлақо сабабсиз ўлдирилган бу америкаликлар ва бошқаларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирамиз. Биз ҳозир ҳужум учун ким масъул эканини аниқ айта олмаймиз. АҚШ ҳукумати Тожикистонга тергов ишларида кўмак кўрсатмоқда,-деб билдирди.

29 июль куни Тожикистон жанубидаги Данғара туманида маҳаллий вақт билан 15.30 велосипедда саёҳатга чиққан Нидерландиянинг бир фуқароси, Швейцариянинг бир фуқароси ва икки нафар америкалик ҳалок бўлган эди.