Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция имзоланди

Президентлар Каспий денгизи мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолаш пайтида.

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида 12 август куни Россия, Эрон, Озарбайжон, Қозоғистон ҳамда Туркманистон президентлари табиий заҳираларга бой бўлган Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги янги конвенцияни имзолади.

Мазкур масала Каспий бўйидаги 5 давлат ҳукуматлари томонидан 20 йилдан кўпроқ вақтдан бери муҳокама қилиб келинган эди.

-Бизнинг саммит катта тарихий аҳамиятга эга. 20 йилдан кўпроқ давом этган музокаралардан сўнг Каспийнинг ҳуқуқий мақоми конвенцияси имзоланди. Бу конвенция фақат бизнинг мамлакатларимизга Каспий тақдири учун масъулият юклайди. Бу ҳужжат Каспийдан жамоа бўлиб фойдаланишнинг аниқ қоидаларини белгилаб беради,-деди Россия президенти Владимир Путин.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний эса Каспий денгизининг газ ва нефтга бой бўлган тубини бўлиб олиш учун алоҳида шартнома имзоланиши зарурлигини таъкидлади.

Руҳоний, шунингдек, Каспий бўйидаги мамлакатлар денгизда ўз ҳарбий кучларини жойлаштира олишига рухсат берилганини олқишлади.