Кремль тарқатган хабарга кўра, Германия канцлери Ангела Меркель билан Россия президенти Владимир Путин Берлин ташқарисидаги учрашуви чоғида “ўта жиддий ва батафсил” музокара ўтказган. Улар Украина, Сурия, Эрон ва муҳим газ қувури ётқизиш лойиҳаси юзасидан фикр алмашгани хабар қилинди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков икки раҳбарнинг Берлин шимолида жойлашган Мезеберг қалъасидаги учрашуви ҳақида 18 август куни эрталаб қисқа маълумот берди.
Икки раҳбарнинг музокарасидан сўнг матбуот конференцияси бўлмаслиги ва бирор расмий баёнот берилмаслиги олдиндан айтилган эди.
Песковга кўра, Меркель билан Путин Украинадаги вазият хусусида “умумий фикр алмашган” ҳамда “Минск келишувлари” бажарилмаётганидан таассуф билдирган.
2014 йил сентябри ва 2015 йил февралида эришилган битимлар Украина шарқидаги можарони ҳал этишга қаратилган.
Яна Песковнинг айтишича, икки раҳбар Суриядаги фуқаролар урушига барҳам бериш юзасидан Россия, Германия, Франция ва Туркия иштирокидаги тўрт томонлама мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.
Меркель учрашув олдидан Путин билан Украина ва Суриядаги можаролар, шунингдек, Эрон ва “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳасини муҳокама қилмоқчи эканини, яна инсон ҳақлари ва икки томонлама муносабатлар ҳақида гаплашиб олишини айтган эди.
“Шимолий оқим-2”
Меркель Болтиқ денгизи туби орқали Россия газини Германияга етказиб беришга мўлжалланган “Шимолий оқим-2” лойиҳаси ҳақида сўз юритар экан, “Украина “Шимолий оқим-2” лойиҳаси ишга тушгандан сўнг ҳам газни Европага узатишдаги муҳим ролини сақлаб қолиши керак”, дея таъкидлади.
У Европа Иттифоқи, Украина ва Россия ўртасидаги айни масала муҳокамаси бошланганини олқишлади.
Путин Россия газининг Украина ҳудудидан Европага узатилишини давом эттириш Москванинг иқтисодий манфаатларига мос келишини, “Шимолий оқим-2” эса соф иқтисодий лойиҳа эканини айтди.
АҚШ газ қувури қурилишига қарши бўлиб келмоқда. Расмий Вашингтон лойиҳа Германиянинг Россия газига қарамлигини оширади, деб иддао қилмоқда.
Песков ушбу лойиҳа ҳам музокара чоғида муҳокама қилинганини тасдиқлади.
‒ Путин ҳам, Меркель ҳам лойиҳани сиёсийлаштириш мутлақо нотўғри, деган фикрни билдирди, ‒ деди у.
Россия раҳбари учрашув олдидан Эрон билан 6 та етакчи мамлакат ўртасида 2015 йили имзоланган ядро дастури бўйича битимни ҳам муҳокама қилишини билдирган, Меркель эса 17 август куни Путин билан музокарасидан кўп нарса кутмаслик кераклигидан огоҳлантирган эди.