Туркманистонда эркакларнинг сочини бўяш тақиқланди

Президент Гурбангули Бердумуҳаммедов.

Туркманистон президенти сочига оқ оралаган ҳолда жамоатчилик олдида кўриниш берганидан сўнг Ашхабоддаги сартарошхоналарда эркакларнинг сочини бўяш тақиқланди.

Бундан ташқари йигитларнинг сочларини турли нақшлар ва хошиялар билан безаб причёска қилишга ҳам бундан буён йўл қўйилмайдиган бўлди.

Бу борада Озодлик радиоси турман хизмати Ашхабоддаги сартарошларга таянган ҳолда хабар берди. Бироқ бундай тақиқ борлиги расман маълум қилинмаган.

Президент Гурбангули Бердумуҳаммедовнинг ўзи сочини мунтазам бўяб юриши айтилади. У 2006 йилда президент Сапармурод Ниёзов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган пайтида сочига оқ оралаганини кўриш мумкин эди. Бироқ кўп ўтмай, унинг сочи қора тус олиб, ўшандан бери ранги ўзгармай келаётганди.

Туркманистон президенти жорий йилнинг август ойидан бошлаб яна оқ оралаган сочи билан жамоатчиликка кўрина бошлади. AFP агентлиги аввалроқ туркман президенти соч бўяшдан бош тортгани тўғрисида маълум қилган эди.