Афғонистон хавфсизлик кучлари “Толибон” гаровга олган 149 тутқинни озод қилди

Хабарларга кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари “Толибон”нинг камида етти жангарисини ўлдирди (архив сурати)

Афғонистон ҳукумат вакиллари мамлакат хавфсизлик кучлари 20 августда “Толибон” ҳаракати жангарилари бир неча соат олдин мамлакат шимолидаги Қундуз вилоятида гаровга олган 149 кишини озод қилганини билдирди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Нусрат Раҳимий жангарилар гаровга олган 21 кишини 20 август куни ҳам қўйиб юбормаганини айтди. Улар Қурбон ҳайитини нишонлаш учун Кобул шаҳрига йўловчиларни олиб кетаётган автобуслар карвонига пистирма уюштиргани хабар қилинмоқда.

Автобуслар вилоятнинг Хонобод туманидаги толиблар назорат қилаётган ҳудудда тўхтатилган. Ўша ерга ташланган ҳукумат кучлари уларни озод қилиш учун “Толибон” жангарилари билан жанг қилган.

Раҳимийнинг айтишича, қутқарув амалиёти вақтида “Толибон”нинг камида 7 жангариси ўлдирилган. Аммо толиблар 21 нафар тутқинни номаълум жойга кўчиришга муваффақ бўлган.

Қундуз вилояти ҳокимининг матбуот котиби Исматулла Муродий 149 гаровга олинган киши, жумладан, аёллар ва болалар қутқарилганини маълум қилди.

Қундуз вилояти кенгаши аъзоси Саид Асадуллоҳ гаровга олинган кишилар орасида ҳукумат хавфсизлик қўшинлари аскарлари ва полиция ходимлари бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг гапини “Толибон” матбуот котиби ҳам тасдиқлади.

Ушбу нохуш воқеа президент Ашраф Ғани “Толибон”га Қурбон ҳайити вақтида оташкесим таклифини билдирганига қарамай содир бўлди.

Толиблар тўхтатган 3 та автобус йўловчилари Тохар ва Бадахшон вилоятларидан экани айтилмоқда.

Ашраф Ғани 19 август куни “Толибон”ни “шартли” оташкесимга даъват қилган эди. Унинг таклифи бўйича оташкесим 20 август куни бошланиши ва уч ой давом этиши керак эди.

АҚШ Ашраф Ғани ташаббусини маъқулллади

Қўшма Штатлар “Толибон” ҳам қатнашиши кўзда тутилган ташаббусни олқишлади.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео тарқатган баёнотда айтилишича, июнь ойида ҳам уч кунлик оташкесим ташаббуси билан чиқилган эди. Рамазон ҳайитига тўғри келган ўша ташаббус афғон халқининг можарога барҳам берилишини “қаттиқ истаётгани”дан далолатдир. “Яна бир оташкесим мамлакатни барқарор хавфсизликка яқинлаштиришига умид қиляпмиз”, дейилади баёнотда.

Ўшанда Афғонистон ҳукумати “Толибон” ҳаракати Қундуз вилоятидаги бир ҳарбий базани босиб олгандан сўнг оташкесим тўғрисида баёнот берган эди.

Вилоят ҳокими Нақибуллоҳ Фойиқ 19 август куни Болчароғ тумани 18 август куни кечга яқин толиблар қўлига ўтганини айтди. Бунга “Толибон” билан оғир жанглар олиб борган ҳукумат аскарларига ёрдам етиб келмагани сабаб бўлган.

Кобул ҳукумати 2014 йили НАТО қўшинларининг аксарияти олиб чиқиб кетилгандан сўнг “Толибон” ва бошқа жангарилар ташкилотлари билан кураш якка ўзи олиб бормоқда. Унга Ғарб мамлакатлари кўмак бериб турибди.

18 август куни “Толибон” раҳбари мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода Афғонистон “истилоси”га барҳам бериш учун Қўшма Штатлар билан бевосита музокара қилмоқчи экани тўғрисида баёнот берди.