OzodDayjest: “Илгари палаҳмон тоши отиладиган гапларни эндиликда Президент айтмоқда”

ЎзА сайти.

ЎзА раҳбари мана шундай гапни айтди. Унга кўра, Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотларнинг туб илдизини дунёга тушунтириб берадиган кўрсатув ва мақолалар жуда кам.

Президент: Ички ишлар ходимларининг касб маҳорати паст даражада қолмоқда

Ўзбекистон ички ишлар идораларининг бошқарув ва шахсий таркиб билан ишлаш тизимини такомиллаштириш зарур (“Постда”, 29 август).

Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорида сўз боради. Давлат раҳбарига кўра, ички ишлар идоралари фаолиятида тизимли камчиликлар бор бўлиб, куч ва воситалар бошқаруви мувофиқлаштирилмаган, қолаверса, тизим вакилларининг касбий маҳорати ва шахсий таркиб билан тарбиявий ишлар, жиноятчиликка қарши курашиш назорати паст даражада қолмоқда.

Шунга кўра, Ўзбекистон раҳбари ички ишлар идораларини бошқаришнинг самарали механизмини жорий этиш, тизимга ишга қабул қилишнинг соддалаштирилган тартибини ўрнатишни топширган.

Камбағал оилаларга дори-дармон бўйича чегирма бериш таклиф этилди

Сурункали хасталикка чалинган ва эҳтиёжманд оилаларнинг пенсияси дори-дармонга етмаслиги кўп учрамоқда (“Оила даврасида”, 30 август).

Бундай беморлар бириктирилган поликлиникаларда ҳам зарур дори воситаларининг барча бўлмайди.

Газетага кўра, парваришга муҳтож беморларга дори-дармон учун кўп харажат қилаётган оилаларга махсус карта жорий этиш лозим.

Бунда сотиб олинган дори-дармон миқдори маълум даражага етгач, салмоқли чегирмалар бериш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, аҳолининг камбағал қатламига ёрдам бериш мақсадида “Оилабанк” ташкил этиш ҳам таклиф қилинмоқда.

ЎзА раҳбари: “Илгари палаҳмон тоши отиладиган гапларни эндиликда Президент айтмоқда”

Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотларнинг туб илдизини дунёга тушунтириб берадиган кўрсатув ва мақолалар жуда кам, деб ҳисоблайди Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов (“Ҳуррият”, 29 август).

“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова билан суҳбатда давлат агентлиги раҳбари матбуот мамлакатдаги ислоҳотлардан бир неча қадам ортда қолаётганини айтган.

“Илгари айтиш мумкин бўлмаган, айтган пайтда, керак бўлса, бошига палаҳмон тоши отиладиган воқеаларни, ҳодисаларни Президентимизнинг ўзлари айтяпти” деган А.Кўчимов.

Қайд этилишича, Президент Ш.Мирзиёев яқинда ўтган катта йиғилишда ЎзА раҳбари ва ЎзМТРКга раҳбарини “Нима учун тишли, тирноқли материаллар йўқ. Қачон бўлади? Яхши-яхши журналистларимиз бор. Нега улар ўткир мавзуларни кўтармаяпти?” дея саволга тутган. ЎзА раҳбари А.Кўчимов Президентнинг саволига қандай жавоб берганини очиқламаган.