Украина Озодлик журналисти уяли телефонидаги маълумотларни текширмоқчи

Тергов масалалари билан шуғулланувчи журналист Наталья Седлицка “Озод Европа/Озодлик” радиостанцияси Украин хизматининг коррупцияга қарши “Схемалар” дастури бошловчиси

RFE/RL (“Озод Европа/Озодлик” радиостанцияси) ўз журналистига боғлиқ Украина судининг қарорини бекор қилишга чақирди. Агар қарор бекор қилинмаса, ҳокимият идоралари RFE/RL суриштирувчи журналистининг қарийб бир ярим йиллик уяли телефон маълумотлари билан танишиш имконига эга бўлади. Радиостанцияга кўра, суднинг ушбу қарори Украина қонунларига ҳам, расмий Киевнинг эркин матбуот бўйича олган мажбуриятларига ҳам хилофдир.

Қарор Украинанинг коррупцияга қарши миллий бюроси директори Артём Ситникнинг 2017 йили гўё журналистларга давлат сирини ошкор қилгани билан боғлиқ жиноят терговига дахлдор.

27 август куни Киев шаҳрининг Печёрск туман суди Украина Бош прокуратураси сўровини қондирди. Унга кўра, терговчилар суриштирувчи журналист Наталья Седлицканинг уяли телефонидаги 17 ойлик маълумотларини кўздан кечириш ҳуқуқига эга бўлди. У RFE/RL Украин хизматининг коррупцияга қарши “Схемалар” дастури бошловчисидир. Дастур мукофот ҳам олган.

RFE/RL матбуот котиби Жоанна Левисон суд қарори “Украинанинг эркин матбуотни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасида олган мажбуриятларига хилоф экани”ни айтди.

Айни қарор Бош прокуратурага Седлицканинг мобил алоқа хизмати провайдеридан у 2016 йил 1 июлидан 2017 йил 30 ноябрига қадар телефони орқали қилган барча алоқалари бўйича маълумот олиш имконини беради.

“Схемалар” дастури ўша даврда Украинанинг юқори лавозимли расмийлари, жумладан, бош прокурор Юрий Луценко билан боғлиқ бир қанча тергов ишлари ҳақида хабар берган эди.

Энди Бош прокуратура Седлицканинг телефон контактлари, шунингдек, барча қўнғироқлари санаси, вақти ва давомийлигини аниқлай олади.

Ҳокимият идоралари Седлицка телефонидан жўнатилган ёки унга олинган барча матнли хабарларни кўриши мумкин. Бунга яна суриштирувчи журналист ҳар бир телефон қўнғироғини олганда ёки қўнғироқ қилганда қаерда бўлганига оид бошқа маълумотлар ҳам киради.

Седлицка 2017 йили адвокати билан Бош прокуратурага бориб, бир неча соат давом этган учрашув чоғида суриштирув репортажларини тайёрлаш учун шахсан мулоқот қилган махфий манбаларини очиқлаш таклифини рад этган эди.

Ўшанда у Украина Жиноят кодекси моддасидан иқтибос келтирди. Айни моддага асосан, журналистлар манбалар исмини айтмаслик шарти билан берган “махфий маълумот” ҳақида“сўроқ қилиниши мумкин эмас”.

Украина парламенти – Верховна Рада аъзоси Алёна Сотник суд қарори мамлакат қонунчилиги ва халқаро меъёрларни “қўпол тарзда бузиши”ни айтди.

Украина Журналистлари миллий уюшмаси раҳбари Сергей Томиленко ташкилоти RFE/RL ва Седлицка томонида эканини маълум қилди ва ҳокимият идораларидан “журналистларга қарши душманлик муҳитини яратишни тўхтатиш”ни талаб қилди.

RFE/RL Украин хизматини тамсил қилувчи адвокат Анатолий Попов суд қарорини “ҳаддан ошиш” деб атади. Унинг фикрича, у “журналистнинг профессионал бурчини бажаришига босим ўтказади ва ахборот манбаларини ноқонуний тарзда билиб олишга йўл очади”.

Попов адвокатлар Бош прокуратуранинг “кишининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва ахборот манбаларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига аралашиш чекловларини бузиши”га қарши шикоят тайёрлаётганини билдирди.