Эронда 24 одам спиртли ичимликдан заҳарланиб ўлди

Эронда 24 нафар одам қўлбола спиртли ичимликдан заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Эрон матбуоти хабар тарқатди.

ISNA агентлиги тарқатган хабарга кўра, Эрон жанубидаги Бандар-Аббос шаҳрида 16 одам ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ҳурмозгон вилояти бўйича матбуот котиби Фотима Нурўзиян шаҳарда спиртли ичимликдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганлар сони 168 тага етганини билдирди.

- Афсуски, уларнинг 16 нафари ўлди, саккизтаси оғир аҳволда қолмоқда, - деди Нурўзиян.

Бандар-Аббос полицияси етакчиси Исмоил Машойих қўлбола ичимликни тайёрлаганликда гумонланаётган жуфтлик ҳамда бу ичимликни тарқатган шахслар қўлга олинганини билдирди.

IRNA агентлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийсига таянган ҳолда, Ҳурмозгон ва Жанубий Хуросон вилоятларида спиртли ичимликдан заҳарланган 264 одам шифохонага ётқизилганини хабар қилди.