Туркманистон: Ислом Каримов ҳайкали олдида суратга тушишга изн берилмаяпти

Туркманободдаги И.Каримов ҳайкали.

Туркманобод шаҳар полицияси шаҳарга ўрнатилган Ўзбекистон аввалги президенти Ислом Каримов ҳайкали олдида суратга тушишга рухсат бермаяпти. Ўтган йилнинг март ойида Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари иштирокида очилган хотира мажмуаси жойлашган кўча ҳам И.Каримов номи билан аталади.

Ҳайкал ўрнатилиши билан кўча ва яқин атроф ободонлаштирилган.

“Бу кўчада чиройли бинолар бор, кўркам дарахтлар ўтқазилди, йўллар кенг, асфальт янгиланди, кўча порлаб турибди. Агар бу кўчанинг аввалги ҳолати билан таққослайдиган бўлсак, фарқ жуда катта эканини кўриш мумкин. Ҳайкал қаршисида дам олувчилар учун кичикроқ боғ барпо этилди. Ўриндиқлар ўрнатилди, ўтириб ором олса бўлади. Бу ерда болаларни суратга тушираётган ота-оналарни учратиш мумкин. Бироқ Каримов номли кўча бошидаги ҳайкал олдида суратга тушиш мумкин эмас, тақиқланган”, деб ёзади “Озодлик”нинг туркман хизмати.

Туркманободликлардан бирига кўра, маҳаллий полиция айрим ҳолларда хушмуомалалик билан, баъзан эса қўполлик билан ҳайкал олдида суратга тушиш тақиқланганини айтиб, бу ердан кетишни талаб қилади.

“Мен Ўзбекистоннинг аввалги президенти ҳайкали олдида суратга тушишга уринганимда яқин атрофдаги полиция будкасидан икки аскар югуриб чиқиб, бу ерда суратга тушиш мумкин эмаслигини айтиб, бақира бошлади ва бу ердан кетишни талаб қилишди. Буни қандай тушунишни билмай қолдим”, дейди у.

“Озодлик” мухбирига кўра, Каримовга қўйилган ёдгорлик Туркманобод шаҳрида хорижий давлат раҳбарига ўрнатилган ягона ҳайкал бўлиб ҳисобланади ва шу сабабли ҳам унга алоҳида эътибор қаратилади.

Айни пайтда Каримов ҳайкали олдида суратга тушишнинг тақиқланиш сабаблари аниқ эмас. Шаҳар полицияси ва Туркманобод расмийларидан расмий изоҳ олишга “Озодлик” муваффақ бўлолмади. Тақиқ сабаблари ҳақида маҳаллий аҳолининг саволларига жавоб берган полиция ходимлари ўзларига бу борада топшириқ берилганини айтишади. Шу кунларда Туркманобод шаҳридаги Ислом Каримов ҳайкали куну-тун қўриқланмоқда.