Россия ижтимоий тармоқлар орқали АҚШ армиясига таъсир қилишга уринганликда айбланди

Иллюстратив сурат.

АҚШ ҳарбий хизматчилари номидан юритилган ўнлаб твиттер-аккаунт Россиянинг Интернет тадқиқотлари агентлиги (“троллар фабрикаси”) билан алоқадор бўлган. Бу ҳақда “Америка овози” ҳарбий мулозимларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Америкалик мулозимларга кўра, ўзларини ҳарбий кўрсатган кишилар америкалик ҳарбий хизматчиларнинг кайфиятига таъсир қилиш ва шу орқали Москва учун маъқул тутумга ундаш учун АҚШ ҳарбийлари билан твиттерда мулоқот қилишга уринган.

Қайд этилишича, гўё Пентагон билан боғлиқ бўлган, аслида Россиядан туриб бошқарган 39 та аккаунт яқинда Twitter маъмурияти тўсиб қўйган аккаунтлар орасида бўлган. Таъсир ўтказиш кампанияси нақадар муваффақиятли бўлгани очиқланмаяпти.

АҚШ мулозимлари мулоҳазасича, бу тактика ёлғон ахборот тарқатиш бўйича Кремль стратегиясининг бир қисмидир. АҚШ ҳарбийлари тасвири туширилган бу каби қалбаки аккаунтларни Фейсбукда ҳам учратиш мумкинлиги қайд этилмоқда.

Мазкур маълумот Конгресс сайловларига бир неча кун қолганда келиб тушган. Америкалик мулозимлар Москванинг сайлов жараёнларига таъсир қилиш ҳаракатларини фош қилишда давом этаётганларини сўнгги ойларда бир неча бор урғулаганлар.

Айни пайтда, АҚШ раҳбарияти баёнотларига кўра, Россия эндиликда кўлами 2016 йилдаги кампания билан қиёслаш мумкин бўлган ҳаракатларни содир этмаяпти. Ўшанда АҚШ махсус хизматлари Москвани, жумладан, Интернет тадқиқотлари агентлигини америкаликларнинг демократияга бўлган ишончига путур етказиш ва Дональд Трамп президентлик лавозимини эгалллашига кўмаклашиш мақсадида сайловларга бевосита аралашганликда айблаб чиққандилар.

Аввалроқ Twitter микроблоглар сервиси Демократик партия номидан АҚШдаги оралиқ сайловларда қатнашмасликка чақирган 10 мингдан зиёд аккаунтни ўчириб ташлагани ҳақида хабар қилгандик.