Лукашенко Беларусда Россия ҳарбий базасига эҳтиëж йўқлигини билдирди

6 ноябрь куни Беларус президенти Минскка келган АҚШ экспертлари билан учрашди.

Беларус президенти Александр Лукашенко ўз мамлакати Россия билан иттифоқчи экани¸ шунга қарамай Россия ҳарбий базасини Беларусга жойлаштиришга эҳтиëж йўқлигини билдирди.

6 ноябрь куни Минскка келган АҚШ экспертлари ва таҳлилчилари билан учрашган Лукашенко¸ АҚШнинг ҳарбий ва сиëсий роли Европа хавфсизлиги учун белгиловчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

“Беларус қуролли кучлари ўз бурчини бажариш ва хавфсизликни таъминлашда бошқа исталган давлат¸ хусусан¸ Россия Федерациясидан кўра яхшироқ ишлашга қодир”¸ деди жумладан Минск раҳбари.

Беларуснинг Европа давлати эканини таъкидлаган Лукашенко¸ ўз мамлакати “кучли ва бирлашган Европадан манфаатдор”лигини билдирди.

1994 йилдан бери Беларусни бошқариб келаëтган Лукашенко¸ ўз шарқий қўшниси Россия ва ғарбий қўшниси ЕИ билан муносабатларни мувозанатда ушлашга ҳаракат қилиб келмоқда.

Москва етовидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо эканига қарамай Лукашенко¸ ҳозирга қадар Россиянинг Беларусда ҳарбий база очиш уринишларига рухсат бермай келаëтир.