Македония собиқ бош вазири Венгрия ҳукумати ёрдамида мамлакатни тарк этгани иддао қилинди

Македониянинг собиқ бош вазири Никола Груевский.

Македониянинг собиқ бош вазири Никола Груевский Венгрияга Албания орқали венгер дипломатик автомашинасида олиб чиқиб кетилган. 15 ноябрь куни Албания полицияси мана шундай баёнот тарқатди.

Мазкур баёнотдан аввалроқ Венгрия ташқи ишлар вазири Гергел Гуляс Никола Груевскийга Македонияни тарк этишга венгер ҳукумати кўмак кўрсатганини инкор этаётган эди.

-Болқон давлатлари фуқаролари у давлатдан бу давлатга шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб, бемалол ўта олади. Венгрия ҳукумати Македония собиқ бош вазирининг ўз мамлакати ҳудудини тарк этганига алоқадор эмас,- деди Гуляс.

Албан полицияси баёнотида айтилишича, Груевский Албаниядан 11 ноябрь куни соат 19:11да, Черногория билан чегарадаги Хани ва Хотит назорат ўтказиш пункти орқали чиқиб кетган. Груевский Венгрияга қарашли CD 1013A дипломатик автомашинада бўлган.

Черногория полицияси ҳам бу маълумотларни тасдиқлади ва Груевский 11 ноябрь куни мамлакатдан чиқиб кетганини маълум қилди.

Македония полицияси 12 ноябрда коррупцияда айбланиб, икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Груевскийни қидирувга берган эди.

2006-2016 йилларда Македония бош вазири лавозимида ишлаган 48 ёшли Груевский 13 ноябрда Facebook саҳифасида Венгриядан сиёсий бошпана сўраганинини билдирган.

Македония бош вазири Зоран Заев Венгриядан Никола Груевскийни экстрадиция қилишни талаб этмоқда.