Қўшма Штатлар Интерпол раҳбари лавозимига 21 ноябрда ўтадиган сайловда жанубий кореялик номзод Ким Чен Янни қўллаб -қувватлайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 20 ноябрда маълум қилди.
-Интерпол янги раҳбарни сайлаяпти, бу муҳим ташкилот. Биз ҳозирда ташкилот президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Ким Чен Ян номзодини қўллаймиз. Интерполга аъзо бўлган бошқа давлатларни ҳам қонун устиворлигини ҳурмат қилишга, ишончли ва ҳалол одамни танлашга чақирамиз. Жаноб Ким мана шундай одамдир,-деди Помпео.
Интерпол раҳбари лавозимига россиялик генерал майор Александр Прокопчук номзоди ҳам кўрсатилган. Москва Интерпол вице-президентларидан бири Прокопчук номзодини расман олға суришга ҳаракат қилган. Бироқ халқаро ҳамжамият Россия вакилининг Интерпол раҳбари лавозимига сайланиши хавфли эканини, Москва бундан сиёсий мухолифатчиларни таъқиб қилишда фойдаланиши мумкинлигидан ташвиш билдирган.
Интерпол президентлигига сайлов 21 ноябрь куни ташкилотнинг Дубайда ўтадиган йиллик анжумани доирасида бўлиб ўтади. Анжуманда Интерполга аъзо бўлган 192 давлат вакиллари иштирок этади.
Интерпол президенти курсиси ташкилот раҳбари Мэн Хунвэй сентябрь ойининг охирларида йўқолиб қолгани ортидан бўшаб қолган эди. Кейинчалик Хунвэй Хитойда порахўрликда айбланиб қамоққа олингани маълум бўлган.