Канаданинг Калгари шаҳар кенгаши 2026 йилги Қишки Олимпиадани ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш учун Халқаро Олимпия қўмитасига ариза беришдан бош тортди.
"Associated Press" агентлигининг 20 ноябрда билдиришича, мазкур қарордан олдин референдум ўтказилган бўлиб, унда шаҳарликларнинг 56 фоизи Калгарида Олимпиада ўтказилишига қарши овоз берган.
Шаҳар мэри Наҳид Ненши референдум натижаларидан афсусда эканини билдирди. Унга кўра, шаҳар Халқаро Олимпия қўмитасига ариза бериш учун икки йил қаттиқ тайёргарлик кўрган эди. Калгари энди 700 миллион долларлик инвестициядан ҳам қуруқ қолади. Бу шаҳарда 1988 йилда ҳам Қишки Олимпиада ўтказилган эди.
Халқаро Олимпия қўмитаси мезбон шаҳарни Лозанна шаҳрида 2019 йилда ўтадиган навбатдаги йиғилишида аниқлаши режалаштирилган.
2026 йилги Қишки Олимпиадани ўтказиш учун Калгаридан ташқари Италиянинг Милан ва Кортина-д' Ампеццо шаҳарлари, Швеция пойтахти Стокҳольм номзодлари кўрсатилган эди.