Қирғизистоннинг жанубий пойтахти бўлган Ўш шаҳри мэри Россия фуқароси экани тўғрисидаги маълумот текширилади

Ўш шаҳар мэри Таалайбек Сарибашов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш шаҳар мэри Таалайбек Сарибашовни Россия фуқаролигига эга экани тўғрисидаги маълумотни текширади. Озодлик радиоси қирғиз хизмати бу ҳақда қўмитага таянган ҳолда 22 ноябрь куни хабар берди.

22 ноябрь куни парламент депутати Ирина Карамушкина Ўш шаҳар мэри Россия фуқароси эканини, унга фуқаролик 2016 йилнинг 19 ноябрида берилганини иддао қилган эди.

“Туғилган йили - 1971 йил, 11 сентябрь. Туғилган жойи - Олой тумани Гулча қишлоғи. Яшаш жойи - Новосибирск. Бу фуқарога ИНН ҳам берилган. Бу ерда хатолик йўқ. Федерал солиқ хизмати Сарибашовни Россия паспортига ва ИННга эга Россия фуқароси деб билади. Миллий хавфсизлик қўмитасига у қачон Россия фуқаролигини олганини ва қандай қилиб Ўш мэри бўлиб қолганини текшириш талаби билан мурожаат қилмоқчиман”, деди Карамушкина парламент йиғилишида.

Ўш шаҳар мэрияси Сарибашев Россия фуқароси экани тўғрисидаги маълумотни инкор қилган. Мэриянинг билдиришича, Сарибашев бундан аввал Новосибирскда ишлаган.