Украина: Азов денгизида Россия кемаси бизнинг ҳарбий кемага урилди

Украина расмийларининг билдиришича, Қрим яқинида Россия соҳил назорати кемаси Украина ҳарбий денгиз флоти кемаларидан бирига урилган.

Украина ҳарбий-денгиз флотига кўра, ҳодиса 25 ноябрь куни, Украинанинг 3 кемаси, жумладан, икки кичик ҳарбий кема Одессадан Мариуполга кетаётган пайтида содир бўлган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Киевни денгизнинг Россия бошқарувидаги ҳудудига кириб боришда ҳамда атайин можаро келтириб чиқаришда айблади.

Украина расмийлари эса Россиянинг “очиқчасига агрессив бу ҳаракати” натижасида кеманинг двигателлари ва корпусига зиён етганини айтмоқда.

Қора ва Азов денгизларини туташтириб турувчи Керч бўғози бошқаруви Россия қўлида бўлиб, Киев Москвани Мариуполь каби Украинадаги портларга отланган кемаларга атайин тўсқинлик қилишда айблаб келади.

Кейинги йилларда ҳар икки давлат Азов денгизида ҳарбий техникаси сонини кўпайтирган.