Қирғизистонда собиқ президентлардан даҳлсизликни олиб ташлаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Қирғизистоннинг собиқ президентлари Алмазбек Атамбаев ва Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон парламенти қўмитаси собиқ президентлардан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш бўйича қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Мазкур қонун қабул қилинадиган бўлса, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни суд жавобгарлигига тортиш учун имконият пайдо бўлади.

27 ноябрь куни парламентнинг қонунчилик, давлат тузилмалари ва суд масалалари қўмитаси қонун лойиҳасини қувватлаб, муҳокама ва тасдиқ учун парламентга тақдим этди.

Мазкур қонун лойиҳаси собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков билан муносабатлари кескин совуқлашган бир пайтда ишлаб чиқилди.

Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбаев бир неча кун аввал Жээнбековга қарши мухолифатга ўтганини эълон қилган эди.

Жээнбеков ҳокимият тепасига келганидан кейин, Атамбаевнинг яқин маслакдошлари бўлган собиқ бош вазирлар Сапар Исақов ҳамда Жанторо Сатибалдиев коррупцияда айбланиб қамоққа олинди, Атамбаевга яқин бўлган бошқа бир неча расмий ишдан олинди.

Шундан сўнг Сўўрўнбай Жээнбеков билан ўтган йили президентликни топширган Алмазбек Атамбаев ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиб кетган эди.

Собиқ ва амалдаги президент ўртасидаги қарама -қаршилик 8 ойдан бери давом этмоқда.